Шиддат билан ривожланаётган технологияларнинг кутилмаган 10 салбий жиҳати

Технологиялар шиддат билан ривожланиб бормоқда ва аксарият одамлар кундан-кунга янгилари чиқаётган ақлдан оздирувчи нарсаларнинг пайдо бўлишини сабрсизлик билан кутишади. Олимлар эса соҳа етакчилари билан бир қаторда бизга ўзи бошқариладиган машиналар совға қилиш (қаёқда, аслида сотиш!), бизни виртуал воқелик қаърига янада чўктириш, саёҳатларни тезлаштириш ва тижорат космик парвозига жўнатиш ва ҳоказолар истагида.

Ҳозирча кўпчилик оммавий бозорда янги ишланмаларни сабрсизлик билан кутиб турар экан, айрим инсонлар бир зум тўхтаб, бўлаётган ишлар ҳақида ўйга чўмиб қолмоқда. Гап шундаки, бу технологияларнинг кўпчилигисиз ҳам бемалол яшаса бўлади, айрим ҳолларда уларнинг баъзилари очиқчасига ҳаёт учун хавфли. Ривожланаётган технологиялар замонавий ҳаётни жиддий тарзда мураккаблаштириши, ечганидан кўра кўпроқ муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

 

Ўзи бошқарилувчи автомобиллар ва этика муаммолари

Ўзи бошқарилувчи автомобиллар, кўпчиликнинг наздида бизни келажакка итқитиб юборувчи улкан тўлқиндир. Биз ўзи учар автомобиллар ишлаб чиқаришига етиша олмадик, лекин бошқаришга ҳожат бўлмаганларини кўрсак керак. Одамларнинг гап-сўзлари ва тобора ўсиб бораётган компаниялар шундан далолат бериб туришибди, ҳарқалай. Бироқ, ўзи бошқарилувчи компанияларга боғлиқ бўлган кўплаб муаммолар борки, улар гигант бозорга айланиб, оддий автомобилларнинг улушини паққос тушира бошлашидан олдин ҳал этилмоғи лозим.

Дастлаб улар хавфсиз ва тўғри ишлашига ишонч ҳосил қилинишидан ҳам кўра, этикага оид муаммолар ҳам ҳал қилинмоғи керак. Кўплаб инсонлар томонидан берилаётган саволнинг мазмуни шундан иборат: кўчадаги бегуноҳ инсонлар ва машина ичидаги одамнинг ҳаётини танлаш керак бўлган вазиятда машина қандай қарорга келади? Science Magazine журналида нашр этилган, деярли 2000 инсон иштирок этган тадқиқотга кўра, гарчи инсонлар фуқароларнинг ҳимояси биринчи ўринда бўлиши керак, деб ҳисоблашса-да, йўловчидан кўра кўчадаги бошқа фуқароларнинг ҳаёти устуворлигига дастурлаштирилган машиналарни харид қилмасликларини билдиришган.

Бу бошқотирма ўзи бошқарилувчи автомобилларнинг кенг омма учун ишлаб чиқарилишига яхшигина тўғаноқ бўлади. Баъзи бир экспертларнинг фикрича, алоҳида бир шахслар нима деб ўйлашидан қатъи назар, бундай автомобилларни ҳакерлардан ҳимоя қилиш ҳам бир муаммо бўлади, чунки улар машинани бошқарувини қўлга киритиб, йўлда қўрқинчли ва катта талофатлар келтириб чиқаришлари мумкин.

 

Виртуал воқеалик руҳий безовталикка сабаб бўлиши мумкин

Виртуал воқелик ҳам тез ривожланаётган соҳа ҳисобланади. Oculus Rift каби компаниялар ўйин дунёсига яхши мўлжал олишган ва тиббиёт соҳасида ҳам врачлар ва ҳамшираларга ҳеч кимнинг ҳаётини хавф остига қўймасдан янги нарсаларни ўргатишга ўтишган. Лекин бу технология тараққий топиши билан бирга у тобора ўз домига торта боради ва баъзи ҳолларда бу яхши ҳамда фойдали бўлиши мумкин. Яъни, қанчалик ўзига мафтун этса, шунчалик яхши бўлади.

Бироқ, агар бевосита ўйинлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ўз соғлиғини ўйламайдиган инсонларда руҳий безовталикнинг жамики турларига тўқнаш келишимиз мумкин. Бугунги кунда ҳеч қандай виртуал воқеликсиз ҳам кўп ўйин ўйнаганлар тўсатдан ўлиб қолмоқда. Баъзилар ўйинқаролик туфайли ўз умрини совуриб юбормоқда. Кимдир бу нарсага муккасидан кетса, ундан ажралиши жуда қийин бўлади ва боғлиқликнинг яна бир жиддий тури намоён бўлади. Улар воқелик билан алоқани шу даражада йўқотиб қўйишлари мумкинки, ўйинни ҳаётдан ажрата олмай қолишади.

 

Дронлар инсонларни ғазаблантирмоқда

Учувчисиз бошқариладиган аппаратлар шунчалик кенг тарқалмоқдаки, тез орада кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб қолишади. Қачонлардир учувчисиз дронлар ҳарбий зона устидан учиб, бошқа мамлакатларда инсонлар устига бомба ёғдирувчи улкан самолётлар эди. Бугун мўъжаз дронларни оддий дўкондан харид қилиш мумкин, айрим компаниялар эса ўз маҳсулотларини дронларда етказишни мўлжалламоқда. Яқин орада биз кўчада мудом маҳсулот ташиётган, кўчалардаги тартиб устидан назорат қилаётган ва осмонда турли функцияларни бажараётган дронларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бош узра муаллақ равишда доимий ғўнгиллаб туриш бизни ақлдан оздира бошлайди.

Сиз дўкондан харид қилишингиз мумкин бўлган тижорат дронлари бироз шовқин чиқаради, дронлар қанчалик кўп бўлса уларнинг шовқини ҳам орта боради. Доимо дронлар билан тўқнашиш келишга маҳкум бўлган Яман қишлоқларида ҳозир одамлар эсидан оғиб қолмоқда — доимий ғўнгиллашдан қочиб бўлмаслиги сабабли. Афсуски, дронлар ёрдамида юк етказиш ва шунга ўхшаш нарсалар кундалик юмушга айланса, дронлар шаҳарларда туну кун парвоз қила бошлайди: ҳеч қачон тўхтамасдан, бизни ғўнгиллаганча доимо кузатиб.

 

Шамол ва қуёш фермалари ёввойи табиат кушандаси

Қуёш ва шамол фермалари бугунги кунда табиатни муҳофаза қилиш тарафдорлари ва экспертлар томонидан энергия ишлаб чиқишда табиатни асраш учун энг мақбул йўл сифатида кўрилмоқда. Улар атроф-муҳитни ифлослантирмайди ва битмас-туганмас, чунки шамол ҳам, қуёш ҳам ҳеч қаёққа кетмайди. Уларнинг кўмирдан тоза эканлиги ва битмас туганмаслиги идеал эканлигини англатмайди, асло.

«Яшиллар» қуёш ва шамолнинг энг катта фанатлари эканлигини далил қилиб, эътироз билдиришингиз мумкин, лекин табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари бундай заводларнинг кундан кунга кўпаяётганидан ташвишда. Гап шундаки, шамол ва қуёш фермалари ёввойи табиатни, ҳайвонот оламини, айниқса қушларни қириб юбормоқда. Гарчи тадқиқотларга кўра шамол энергияси кўмирга нисбатан камроқ зарарли эканлиги ҳисоблаб чиқилган эса-да, қуёш фермалари борасида ҳозирча бундай маълумот йўқ. Қушлар қуёш панеллари ўрнатилган массивни кўиб, уни кўл деб ўйлашади ва у томон учиб, ярим йўлда ёниб кетади. Бу борада кўплаб ечимлар таклиф этилган, лекин уларнинг бирортаси самарали чиқмаган.


Тижорий космик парвозлар соғлиққа зиён

Космик саёҳатлар бир пайтлар айрим барқудрат давлатларнинггина имтиёзи саналарди, бугунги кунда кўплаб давлат вакиллари космосда бўлиб қайтишди, аксарият давлатлар ўз сунъий йўлдошига эга, хусусий компаниялар ҳам космос билан шуғулланмоқда. Virgin Galactic космосга сайр қилиш учун ўз «аттракцион»ларини ишлаб чиқмоқда, Илон Маскнинг SpaceX компанияси эса бир неча марта космосга юк олиб чиқиб, ўз ракетасини ҳам бир неча бор қайта қўндирди. Келажакда компания астронавтлар билан бирга оддий фуқароларни ҳам олиб чиқмоқчи. Гарчи ҳар қандай инсон бир муддат космосда бўлишни истаса-да, ҳали кўп муаммоларни ҳал этиш керак.

Гап шундаки, космосда бўлиши инсон соғлиги учун у қадар фойдали эмас. NASAнинг фақат жисмонан бақувват инсонларни космик станция бортига жўнатишига сабаб — космик парвоз инсон организмига ўта салбий таъсир кўрсатади, шу сабабли астронавтларга бирваракайига фақат олти ой мобайнида космосда бўлишларига рухсат этилади. Космосда ўтказилган вақт суяк зичлигига таъсир кўрсатиши, кўз нурини камайтириши ва соғлиққа боғлиқ бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. NASA ва бошқа экспертлар мўрт ва қария туристлар космосда доимий қолиб кетиши ёки жиддий дард орттириб олишлари мумкинлигидан огоҳлантиришади.

 

Шиддатли саноатлашиш шовқин билан ифлосланишга сабаб бўлади

Инсонлар саноатни яхши ўзлаштириб олишди ва у сўнгги бир неча юз йил ичида шиддат билан ривожланиб борди ва дунё энди аввалгидек кўринишга эга эмас. Аввалига кемалар, сўнгра самолётлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди, поезд ва йўлларсиз савдо-сотиқ ҳам, фаровон ҳаёт ҳам бўлмасди. Албатта буларга боғлиқ бўлмаган одамлар тобора камаймоқда, лекин атроф-муҳит ҳам ундан зарар кўрмоқда.

Айримларга саноат ифлосланишининг физик томонларини баҳолаш ёқади, масалан, кимёвий моддалар билан, лекин улар шовқин билан ифлосланишни унутиб қўйишмоқда. Бир неча йил муқаддам инсонлар томонидан яратилаётган шовқиннинг катта қисми бўлмаган. Самолётлар, йирик фабрикалар ва ҳаттоки радио бўлмаган. Ҳамма ёқда сокинлик ва тинчлик ҳукмрон бўлган (ҳозирга таққосланса), йирик шаҳарларнинг фаоллиги тунда буткул тинарди. Инсонлар шовқинидан холи кўплаб жойларни топиш мумкин бўлган. Бугунга келиб бунинг амалда иложи йўқ.

Айримлар инсонлардан холи жойлар қидириб, жуда узоқларга, ҳаттоки ғорларга жойлашиб олишган, лекин улар ҳам шовқиндан узоқ қочиб қутилолмайди. Бу муаммони етарли тарзда тез ечиб бўлармикан, қайтага чуқурлаша бормасмикан?

 

Hyperloop соғлиқ учун зарарли бўлиши мумкин

Илон Маск — жуда амбицияли лидер. У нафақат электромобиллар устида иш олиб боради, инсонларни мудом сунъий идрокнинг хавфи борасида огоҳлантириб ҳам туради. У қуёш энергияси устида иш олиб бормоқда, космик корпорациясига эга, Лос-Анжелесдан Сан-Францискога қадар АҚШ бўйлаб инсонларни соатига 1300 км тезликда ташиш мумкин бўлган улкан қувур ҳам қурмоқчи. Бу нарса маглев сингари ишлайди, лекин Маск уларни вакуум қувурига жойлаб, ҳавонинг қаршилигини олиб ташлаб, уларни мисли кўрилмаган тезликда ташимоқчи.

Гарчи, қоғозда буларнинг барчаси жуда ҳайратланарли кўринса-да, айримлар бу ғояда ўзига хос муаммолар кўрмоқда. Асосий муаммо шундаки, инсонлар гарчи тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланишса-да, бундай катта тезликка бардош бера олишмайди. Бу ҳолатда уни геологик хусусиятлар туфайли абсолют тўғри қилишнинг ҳам имкони йўқ. Ҳар қандай силкиниш ёки вакуум билан боғлиқ муаммо фожиали якун топади, чунки соатига 1300 км тезликда чора кўриш учун фурсат етмайди. Маск яна машиналар ўртасида 8 км масофа ушлашни таклиф этмоқда, яъни капсулалар ҳар 4 сонияда ҳаракатланиб туради. Эҳтимол, Hyperloop кўпроқ юк таниш учун мос келар, лекин инсонларни эмас.

 

3D-принтерлар атроф-муҳит учун зарарли бўлиши мумкин

3D-принтерлар аллақачон келажак учун чипта сифатида тақдим этилмоқда, гарчи ҳанузгача бирор ишни қойил қилиб қўймаган эса-да. Бунга сабаб, аввало технологиянинг ҳануз жуда қимматлиги бўлса, яна бир сабаб унинг кўплаб прототипи ишланмоқда. Ҳанузгача ҳеч ким 3D-принтерни қандай қилиб кенг омма учун мўлжалланган ускуна қилишни ўйлаб тополганича йўқ ва кўплаб компаниялар ҳамон ундан фойдаланишнинг максимал фойдали усулини ахтармоқда. 3D-принтерлар ҳар бир уйда пайдо бўлиши ва кўплаб фойдали иловаларга эга бўлиши вақтга боғлиқ масала эканлиги аниқ. Биз бунга борган сари яқинлашганимиз сайин 3D-принтерларни ишлатишнинг экологик хатарларига дуч кела бошлаймиз.

Унга боғлиқ иккита муаммо тилга олинмоқда; биринчиси — чиқитлар. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, уйда фойдаланиладиган 3D-принтерлар ишлатиш мобайнида сигаретадан қанча зарар бўлса шунчалик зарар келтиради. Бундан кўп ташвишланмаслик керак, газ плитасининг чиқити ҳам шунча. Бироқ муаммо мавжуд ва ҳал қилинишни талаб этади.

Иккинчи муаммо шундан иборатки, 3D-принтерларнинг кўпчилиги арзон пластик ипдан фойдаланади ва у чиримайди, бу эса атроф муҳит учун жуда ёмон. У чиқиндихоналарни тўлдиради ва пластиклардан фойдаланиш ҳажмини қисқартиришга бел боғлаган «яшиллар» ҳаракатига зид. Гарчи бу муммолар устида 3D-принтерлар оммалашувидан олдин ишлаш мумкин бўлса-да, уларни унутмаслик керак бўлади.

 

Ўйинчоқ лазерлар учувчиларни кўр қилмоқда

Лазер технологиялари шунчалик ривожландики, бугун биз лазер кўрсаткичини қўлимизга олиб, зарур бўлса тунда йўлимизни ёритишимиз мумкин. Бутун дунё бўйлаб сайтлар арзон лазерлар сотишмоқда, улар мисли кўрилмаган масофаларга етиб бориши мумкин ва катта кучга эга. Технологияларни севувчиларнинг азалий орзуси ушалди. Лазерларни болаларга совға қилиш мумкин, лекин муаммо шундаки, лазерлар ўйинчоқ эмас, хавфли жиҳатлари мавжуд бўлган технология саналади. Болакайлар уни кўзга тутиб, ўзининг ёки бошқаларнинг кўзини олиши, умрбод кўз нурини йўқотишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Кўплаб инсонлар ё билмасдан, ё атайлаб самолётларга лазер тутишади. Бу эса зарар келтиради. Лазер самолёт кабинасига тутилса, учувчининг кўзини олиши ва самолётни қўндиришда муаммо келтириб чиқариши мумкин. Агар учувчи лазер нурига кўпроқ тикилса, кўз нурини йўқотиши ва мумкин, унинг кўз нури пича пасайса ҳам ишдан ҳайдалишини ҳамма ҳам билмаса керак. Самолётга лазер тутиш АҚШда жиноят саналади, кўплаб давлатларда тақиқланган. Лазерни самолётлар, автомобиллар ва инсонларнинг юзига тутмаслик керак.

 

Интернет дарғазаб инсонлар учун Сусамбилга айланди

Интернет дунёни жуда тез ўзгартириб юборди. Бугун уйғонишимиз ҳамоно, ҳали чойшабни тарк этмасимизданоқ қўлимизни смартфонга чўзамиз. Биз янгиликларни билишни истаймиз. Биз ухлаётганимизда танишларимиз ва дўстларимиз нима билан машғул бўлганини билишни хоҳлаймиз. Ҳар қандай ахборотни чўнтакдан чиқариш мумкин бўлган замонлар келди. Билимлар уммонига йўл очилди, узоқда турган инсонлар бирлашмоқда, ёнма-ён турганлар эса узоқлашмоқда. Албатта, жамият учун Интернет икки учли таёққа айланди.

Илгари педофил ёки шунга мойиллиги бўлган инсонлар унга тенбеҳ берувчи, камида уни қўлламайдиган инсонлар қуршовида бўлар эди. Интернет эса буни ўзгартирди. Педофиллар ва бошқа ярамас гуруҳлар энди ўзларига ўхшаш миллионлаб инсонларни топиши мумкин, чунки бутун олам битта жойга жамланган. Улар фотосуратлар алмашиши, ўзларининг жирканч хотиралари билан ўртоқлашиши ва бунда бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари мумкин бўлмоқда. Ўзларининг жирканч, эси пастларга хос ишларини оқлаб ҳам қўйишмоқда. Нафақат педофиллар, ақлдан озган бошқа бир тоифадаги инсонлар ҳам бир жойга тўпланиб, бир-бирларини қўллашлари мумкин бўлмоқда. Бу эса ўта қайғули ҳолат.


Источник: Кун.уз
Категория: Texno | Просмотров: 71 | Добавил: Active | Теги: салбий, жиҳати, ривожланаётган, Шиддат, технологияларнинг, билан, 10, КУТИЛМАГАН
«Uzbekona.Uz» telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Поделиться