Умрим

Кунларим – қайғунинг қариндошлари,
Ўкинчлар ўпади этакларини.
Юзимни куйдирар соғинч ёшлари,
Сўйлай…
Ўттиз иккининг эртакларини.

Ҳафталар – аламга туғишган сингил,
Кўзларини сабрқушлар ер.
Қувончни яшириб қўяди кўнгил,
Тўкилиб қолади этагимдан шеър.

Ойларим – оймома кўзидаги ёш,
Самода кезади – дарбадар.
Сен, барибир, кетдинг, бағритош,
Сенга кетгим келар нақадар…

Йўлларим – кўчамдан оқиб ўтган сой,
Йўлингга қадалган кўзларим оғрир.
Ўн олтидан буён, шунча йил ва ой,
Сени кутиш, нақадар оғир?!

Умрим – ҳеч ким айтмаган қўшиқ,
Оҳангги оламни йиғлатар – маҳзун.
Сенга элтар йўлда очилмас тўсиқ,
Ҳижроннинг сочлари йўлимдай узун…

Муаллиф: Дилдора Яҳё
www.UZBEKONA.uz - Saytidan olindi!

Категория: SMS SHERLAR / СМС СТИХИ / СМС ШЕРЛАР | Просмотров: 278 | Добавил: Active | Теги: Умрим
«Uzbekona.Uz» telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Поделиться